Yangiliklar

ИССИҚЛИК ТИЗИМИ ЯХШИЛАНМОҚДА

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов 20 апрель куни Хоразм вилоятида бўлиб, Урганч шаҳрида жойлашган аҳолини иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув билан таъминловчи “67-даҳа” қозонхонасини кўздан кечирди.

Ушбу қозонхона 1965 йилда ишга туширилган бўлиб, 1978 йилда реконструкция ишлари амалга оширилган. 2006 йилга келиб эса Ква-2.5 русумли 6 та (қуввати 13.05Гкал/соат) қозон ва ёрдамчи ускуналар ўрнатилган эди. Мавжуд қозонлар ва иссиқлик тармоқларининг 85% и ўз муддатини ўтаб бўлганлиги ҳамда 2006 йилга нисбатан истеъмолчилари камайиб кетганлиги сабабли қозонхона тўлиқ қувватда ишлай олмаган.

2021-2023 йилларда Урганч ва Питнак шаҳарларидаги эскирган қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш орқали иссиқлик таъминотини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш мақсадида, “Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастури”  доирасида 11,1млр.сўм  маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан янги замонавий кўринишдаги 4 та КВА-1.5 русумдаги ва 1 та КВА-1.2 русумли (жами қуввати 7.2Гкал/соат) энергия ресурсларини тежовчи қозонлар олиб келиб ўрнатилиши мўлжалланган.

Бунинг натижасида, 3,4 км иссиқлик тармоқлари бутунлай янгиланиб, қозонхона хизматидан 32 та кўп квартирали уйлар, 5 та ижтимоий соҳа объектлари ва 2 та ташкилот иссиқлик энергияси ва иссиқ сув хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Энергия тежамкор қозонлар ишга тушгач, ўрта ҳисобда 125,9 минг.м3 табиий газ ва 33,1минг.квт. электр энергияси сарфини (жами 98 млн.сўмлик) тежашга эришилади.

Вазир мазкур объектда амалга оширилиши лозим бўлган иссиқлик тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ишларини ўз вақтида сифатли қилиб бажарилишига эътибор берилишини таъкидлаб ўтди.