Yangiliklar

 

Марғилондаги 130 та кўп квартирали уйлар марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланади ёҳуд 14,5 млрд.сўмлик энергия самарадорлик ҳақида

 

Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим омиллардан бири саналади. Мамлакатимизда марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 1950 - 1970 йилларда очиқ сув тақсимоти ҳамда бино ва иншоотларнинг иситиш тизимларини иссиқлик тармоқларига улаш схемаси асосида ташкил қилинган.

Бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг манан ва жисмонан ўта эскиргани сабабли, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдаланишнинг имкони бўлмаяпти, бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ва электр ускуналари билан иситилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш, иссиқлик таъминоти тизимини замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида янгилаш ва модернизация қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга доир чора-тадбирларни изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим қарорлардан бири сифатида Марғилон шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларни марказлашган иссиқлик билан таъминлашга доир қарор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4565-сонли ҳамда 2020 йил  28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорларига асосан, умумий қиймати 100,0 млрд.сўм республика бюджети маблағлари ҳисобидан Марғилон шаҳрининг “Гулистон”, “Зухро”, “Милтиқсоз”, “Чилонзор” “Саҳоват”  маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудларида жойлашган 130 та кўп қаватли уй (5711 та хонадон)ларни “Фарғона иссиқлик электр маркази” АЖ орқали марказлашган иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлаш режалаштирилган.

“Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги "Кўп хонадонли уйлар ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси" ДУК томонидан очиқ тендер савдолари ўтказилиб, мазкур тендер савдолари орқали “Қурилиш кўчма коллонна-017” МЧЖ ғолиб чиқиб, қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Пудрат ташкилоти томонида қурилиш монтаж ишлари учун объект ишчи штаби ташкил қилиниб, лойиҳа тўғрисидаги техник паспорт ўрнатилди.

 “Зухро” МФЙ ҳудудидаги 1 А-1Б-1В-1Г кўп қаватли уйлари ҳудудида магистрал иссиқлик тармоқлари учун ер қазиш ишлари бажарилиб, тармоқ тортиш, металлоконструкциялар монтаж қилиш ишлари бажарилмоқда.

фото

Бугунги кунда “Зухро” МФЙдаги 26-МТМ ҳудудида 12х30 м ҳажмдаги сув ҳайдаш иншооти биноси қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари “Зухро”, “Милтиқсоз”, “Гулистон”, “Саҳоват” ва “Чилонзор” МФЙлари ҳудудида ички квартал ерусти тармоқлари учун пойдевор ва металлконструкцияли устунлар ўрнатиш ишлари 80%га бажарилди.

фото

Ушбу лойиҳанинг пировард мақсади замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида, Марғилон шаҳридаги 130 та кўп қаватли уйларнинг 1 йил давомидаги энергия сарфи 33,8 млн.м3 табиий газ, 44,9 млн.кВт электр энергиясини ташкил этмоқда. Лойиҳа тўла қувватда ишга туширилганидан сўнг ушбу кўрсатгичлар 18,4 млн.м3 табиий газ, 15,4 млн.кВт электр энергиясини ташкил этиб,  15,4 млн.м3 табиий газ, 29,5 млн.кВт электр энергияси иқтисод қилинишига ҳамда қарийб 14,5 млрд.сўм маблағлар тежаб қолинишига эришилади.

фото

фото

Мазкур ишлар натижасида, шаҳар марказларида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулай шароитлар яратиш, барча тоифадаги истеъмолчиларни иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти билан таъминлаш ҳамда самарадорлиги юқори бўлган қозонхона ва насос ускуналарини ўрнатиш имконини беради.

фото

Маълумот учун: Вилоят бўйича 3415 та уйларнинг 440 таси (12,8%) марказлашган, 240 таси (7,0%) икки контурли қозон, 443 таси (12,9%) голлад печлари, 158 таси (4,6%) электр иситкич, 1835 таси (53,7%) газ плитаси орқали иситилади.
3415 та уйларни 3123 таси (91,4%) ички тизими яроқли, 292 таси (8,6%) ички тизим таъмирга мухтож. Шунингдек, 2020 йилда 44 та (17602 п.м) ички иссиқлик тизими таъмирталаб уйларни 44 таси (17602 п.м) таъмирланган.
3 та иссиқлик корхонаси мавжуд 2 та марказлашган қозон ва 52 та локал қозонларни 47 таси (83,9%) яроқли, 9 таси (16%) яроқсиз. Шунингдек, 2020 йилда 2 та таъмирталаб қозонларни 2 таси (100%) таъмирланган Ушбу ишларга 2192, млрд.сўм маблағ ажратилди. 3 та иссиқлик корхоналари томонидан 207 Гкал/соат иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 449 та кўп қаватли уй-жойни иссиқлик энергияси билан таъминлайди. Жумладан, РК-2 қозонхонаси 70 та уй, РК-3 қозонхонаси 35 та уй, Хўжанд қозонхона 27 уй, “Қиргули иссиқлик манбаи” МЧЖ 317 та уй.

Иссиқлик корхоналари томонидан иссиқлик энергияси етказиб бериш учун қамраб олиниши зарур бўлган ҳудудлардаги (Фарғона шаҳрида 319 та уй Қувасой шаҳрида 51 та уй ) жами кўп қаватли уйлар сони 370 та.

 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Энди халқимизни кечаги натижа билан ҳурсанд қила олмаймиз. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, тарихнинг янги саҳифасини яратишга қодирмиз”.