Yangiliklar

Наманган шаҳри аҳолисининг коммунал хизмат соҳасидаги муаммолари ўз ечимини топмоқда

Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган аҳолининг коммунал хизмат соҳасидаги муаммолари ўз ечимини топяпти. Зеро, бу муаммоларнинг аксарияти яқин ўн-ўн беш йил, балки ундан ҳам кўпроқ вақтдан буён шаҳарлик аҳолини қийнаб келаётган эди. Ҳокимлик, секторлар ва тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг мавжуд муаммоларни жойига бориб ўрганиши, уларнинг аҳоли билан юзма-юз очиқ мулоқот қилаётгани, ўрганишлар маҳаллабай, хонадонбай асосида олиб борилаётгани бу борада аниқ натижага эришиш имконини беряпти.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Наманган шаҳрида аҳолининг коммунал хизматлар билан боғлиқ масалаларини ҳал этиш, яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида 76,2 км. узунликдаги  6-0,4 кВ.ли электр узатиш тармоқлари қурилиб, 15 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди ва ишга туширилди. Йил охирига қадар  жами 134,7 км. узунликдаги 6-0,4 кВ.ли электр узатиш тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда
30 дона трансформатор пунктларини ўрнатиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий куз-қиш мавсумига ҳар йилгидан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳардаги 46 та трансформатор пункти ва
84,2 км. узунликдаги электр узатиш тармоқларини йил давомида мукаммал таъмирлаш назарда тутилган ҳолда ҳозиргача 37 та тарнсформатор пунктлари ва 36,9 км. узунликдаги электр узатиш тармоқларини мукаммал таъмирлашга эришилди.

Наманган шаҳрининг айрим ҳудудлари аҳолиси шу кунга қадар тоза ичимлик суви танқислигидан азият чекиб келар эди. Мана шу муаммога ҳам самарали ечим топиляпти. “Бунёдкор” МФЙда лойиҳа қиймати 149,6 млрд. сўм бўлган ишлар ниҳоясига етиш арафасида. Булар биттадан сув ва сув тарқатиш иншооти, 31,8 км. магистрал сув тармоғи ҳамда 53 км. кўча тармоқларини тортиш ишларидан иборат амалий натижалар экани нафақат “бунёдкорликлар”, балки барчани қувонтириши табиий.

Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 7 та ҳудуддаги жами 8,4 км. узунликдаги эскирган сув тармоқлари янгидан тортилган, яна 5,0 км. узунликдаги янги тармоқларни тортиш ишлари давом этяпти.

Шунингдек, Яккасада МФЙ ҳудудида 1500 метр, Озод МФЙ А. Хўжаев кўчасидаги 150 метр, “Янги ҳаёт” МФЙ “Чаман” кўчасида 1 км.ли ичимлик суви тармоғи янгиланган бўлса, Зарбдор МФЙ Зарбдор кўчасидаги эскирган 200 метр, Боғдод кўчасидаги 400 метр, “Шаршара” МФЙдаги кўзи ожизлар жамиятига йўналтирилган 400 метрдан иборат тармоқлар янгисига алмаштирилмоқда.

Сир эмас, яқин йиллар ичида шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тизимидаги носозликлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Бу муаммо электр тармоқларидаги узилишларга ҳам замин яратар, қаҳратон қиш кунларида соатлаб вақт ва каттагина маблағлар электр таъминотидаги носозликларни бартараф этишга сарфланаётган эди. Чунки иситиш тизими носоз уйлардаги хонадонлар фақат электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга мажбур бўлар эди. Бу йил куз-қиш мавсумида шаҳарликлар бундай қийинчиликларга дуч келмайдилар. Негаки, йил бошида Наманган шаҳридаги 350 та кўп қаватли уйлардаги хонадонларни марказлашган иссиқлик таъминотига уланиши учун ички тармоқларни тиклашга маҳаллий бюджетдан 28,6 млрд сўм маблағлар ажратилган. Бугунгача 18,0 млрд сўм маблағлар тўлиқ ўзлаштирилди.

Жумладан, Давлатобод тумани “Порлоқ” МФЙ ҳудудидаги 59 та кўп қаватли уйлардаги 2738 та хонадонларни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш бўйича ички тармоқларни демонтаж ва монтаж қилиш ишлари якунланди ва хонадонларга радиаторлар тўлиқ монтаж қилиб бўлинди. 1- ва 2-кичик туман деб юритилувчи “Мустақиллик”, “Тўқувчи” ҳамда “Навбаҳор” МФЙдаги 94 та кўп қаватли уйларда ҳам ички тармоқларни монтаж ишлари 100 фоизга якунланди. Ҳозирда бу уйларга радиаторларни монтаж қилиш жараёни давом этяпти. 4-, 5-, 5-a, 6-кичик туманлардаги 208 та кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмларидаги демонтаж ишлари ҳам тўлиқ якунланиб, хонадонларнинг ички монтаж ишлари жадал давом этаяпти.

Савол туғилади: иссиқлик таъминоти бўйича магистрал тармоқлар масаласи қандай ҳал этиляпти? Бу борада бош пудрат ташкилоти “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” АЖ ҳисобланади ва бу ташкилот томонидан тармоқ жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Жумладан, биринчи босқичда 1-3 кичик туманлар (“Порлоқ”, “Навбаҳор”, “Мустақиллик” ва “Тўқувчи” МФЙ) ҳудудидаги кўп қаватли уйларни марказлашган иссиқлик таъминотини реконструкция ва РК-1 қозонхонасини қуриш режалаштирилган. Айни пайтда РК-1 қозонхонасини тайёрлаш, магистрал тармоқни тортиш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари учун объект ишчи штаби ташкил қилинган. Ҳудудга диаметри Д-89-426 мм.гача бўлган ППУ трубалардан жами 25 800 п/м олиб келинган. 1- ва 2-кичик туманларда диаметри Д-89-426 мм.гача бўлган ППУ трубалардан жами 7 400 м. магистрал тармоқ тортиш ишлари охирига етказилди. РК-1 ва РК-2 қозонхонасининг 1- ва 2-қатламларига бетон қуйиш ишлари якунланиб, электр, сув ва газ таъминоти  корхоналаридан РК-1, РК-2 қозонхоналари учун техник шартлар олинди. “Порлоқ”, “Навбаҳор” ва “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмидаги 185 та ИТП учун жойлар тайёр ҳолга келтирилди.

Яшаш хонадонидаги шарт-шароитларнинг кўнгилдагидай бўлиши инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, саломатлиги, касбида тўлақонли фаолият кўрсатиши, фарзандларнинг соғлом вояга етишига замин яратади. Айнан шу боисдан ҳам ҳукуматимиз томонидан аҳолининг турмуш тарзида ижобий ўзгаришлар ясаш бош мақсад қилиб олинган. Бу борада оқилона иш ташкил этиш, чора-тадбирларни ўз вақтида бажарилиши ниҳоятда муҳим. Бу фикримизга юқорида тилга олинган амалий натижалар далил бўла олади, албатта.