Yangiliklar

НАМАНГАНДА ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИ ЯНГИЛАНМОҚДА

 

     Бугун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов бошчилигидаги мутасаддилар Наманган вилоятидаги иссиқлик таъминоти объектлари фаолияти ва 2021/2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди.

     Шунингдек, Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги 350 та кўп квартирали уйларни республика бюджетидан 158 млрд.сўм ҳамда вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 28,6 млрд.сўм ажратиладиган маблағлар эвазига иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

       Давлатобод тумани 1-кичик ноҳия ҳудудида жойлашган модернизация қилиш учун режалаштирилаётган  РК-1 қозонхонасидан чиқувчи ер ости иссиқлик тармоғини янгилашда “Энергоиссиқликмонтаж” УК томонидан амалга оширилаётган ишлар, кўп квартирали уйлардаги ички иссиқлик тизимини демонтаж ва монтаж қилиш ишлари билан танишиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берди. 

     Ташриф давомида ООО "Sabo Hamkor Premium" томонидан якка иссиқлик таъминоти қурилмасини ишлаб чиқарувчи корхона мутахассислари билан учрашиб, қурилманинг ишлаш жараёнлари ва қулайликлари билан танишиб чиқди.   

      Маълумот учун: Наманган вилоятидаги мавжуд 1 409 та (42 217 та хонадон) кўп квартирали уйларнинг 349 та (24,8 %) кўп квартирали уйлар иссиқлик таъминоти билан таъминланган. Хусусан, марказий ва маҳаллий қозонхоналар орқали – 64 та,  индивидуал қозонлар орқали – 285 та, қолган 1 060 та (75,2 %) кўп квартирали уйлар қўлбола ёки лойиҳасиз иситиш мосламалари орқали иссиқлик таъминоти билан таъминланган.

      Кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи ахолини турмуш даражасини яхшилаш ва иссиқлик таъминоти тизимларини тиклаш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги ПҚ-5084-сон қарорига асосан Давлатобод туманида 2 та марказий қозонхона ва 50,6 км. иссиқлик тармоқларини қуриш учун Молия вазирлигининг “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси” ҳисобидан Наманган вилояти ҳокимлигига 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда фоиз ставкаси йилига 2,5 фоизни ташкил қиладиган жами 158,0 млрд.сўм маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

       Ташриф сўнгида вилоятдаги кўп хонадонли уйларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаш даражасини янада яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.